744 НАФАР СОЛИҚЧИ МАЛАКА ОШИРДИ

Fevral 8, 2019 0 By admin
121

Мамлакатимиз солиқ тизимида амалга  оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида малакали ва маҳоратли соҳа ходимларининг ўрни ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ҳудудий филиалларини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам тизим ходимларининг маҳорат ва билимларини янада кенгайтиришдан, солиқ тўловчиларнинг солиқ маданиятини оширишдан иборат бўлди.

Марказнинг Қашқадарё вилоят Ҳудудий филиали томонидан ходимларнинг малакасини ошириш ҳамда солиқ тўловчиларга солиқ соҳасида киритилаётган янгиликларни етказиб беришда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, айни кунгача марказ ташаббуси билан 51 маротаба ўқув-семинарлар ташкил этилиб, уларда жами 5 минг 96 нафар иштирокчи қамраб олинди. Шундан 744 нафари солиқ идораси ходимларидир.

– Бугун солиқ тўловчиларда соҳага оид қатор саволлар кўпайган, – дейди марказнинг Қашқадарё вилояти ҳудудий филиали бўлими бошлиғи Раҳмонқул Эгамов.  – Бу саволларга жавоб бериш учун солиқ ходимлари чуқур билимга эга бўлишлари шарт. Шу мақсадда гуруҳлар ташкил этилиб, малакали мутахассислар иштирокида ходимларимизнинг билим кўникмалари оширилмоқда.

Ўқув курсларида иштирокчилар учун видеоконференция орқали махсус дарслар ҳам ташкил этилмоқда.

Ўтказилган навбатдаги ўқув машғулотида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш тартиби, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳақида маълумотлар берилди.

– Марказнинг ташкил этилиши биз каби ёш солиқчилар учун айни муддао бўлди, – деди курс тингловчиси Беҳруз Кенжаев. – Фаолиятим давомида аҳоли томонидан солиқ янгиликлари юзасидан берилган саволларга жавоб беришга тўғри келади. Бу ерда ўтилаётган дарсларда иштирок этиб, соҳадаги билимларимни оширмоқдаман.