ЁШ  ФЕРМЕРЛАР САРДОРИ

ЁШ ФЕРМЕРЛАР САРДОРИ

Fevral 8, 2019 0 By admin
46

…Автоуловимиз йўл ёқасидаги кенг далага келиб тўхтади. Сал нарида 100 чоғли қўйлар адир бўйлаб ёйилиб боради. Бахтиёр чўпоннинг сурур-ла куйлаётган хиргойисининг оромбахш оҳанглари гарчи оламда қаҳратон нафаси кезинса-да, қалбни илиқ ўйларга ошно этади. Ундан Сардор фермернинг даласи шуми, деб сўраймиз. Ҳали саволимизга жавоб олиб улгурмай, зумда ёнимизга бир чавандоз йигит учар отда елиб келди. Тулпорнинг жиловини билагига солган қотмадан келган чайир йигит қўш қўллаб саломлашгач, Сардорбекман, деб ўзини таништирди.

*  *  *

Воҳамизнинг Fузор тумани ҳақида гап кетганда, кўз олдингизда кенг адирлар, бепоён даштликлар намоён бўлади. Бугун туманга ташриф буюриб, атрофни томоша қилсангиз, фикрингиз буткул ўзгаради. Обод гўшалар чиройи, серҳосил далалар таровати, сурурбахш, соя-салқин боғ-роғлар дилингизни фараҳбахш туйғуларга тўлдиради. Албатта, бу жараёнда муносиб меҳнат қилаётган ғузорлик барча соҳа фидойилари сафида тадбиркорлару замин заргарлари бўлган фермерларнинг ҳиссаси катта.

Тумандаги ёш фермерлардан бири Сардорбек Қораев бошчилик қилаётган «Тожи Қарши бобо» кўп тармоқли фермер хўжалигига ташриф буюрсангиз, ўзингиз бунга гувоҳ бўласиз. Сардорбекнинг иш жараёнини кузатиб, ҳар одимидан, нигоҳи, сўзларидан росманасига ёш фермерларнинг сардори эканини англаш қийин эмас.

Хўжалик 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, умумий ер майдони 271 гектардан иборат. Чорвачилик, боғдорчилик, балиқчилик, пахтачилик ва ғаллачиликда хўжалик юқори натижаларни кўрсатиб келади.  Сардорбек бошқараётган хўжалик далаларини айланаркансиз, кенгликлар узра ҳали кўклам ташриф буюрмасада, илиқ ҳарорат, файзу барокатни ҳис қиласиз, гўё. Хўжаликда барча турдаги техникалар шай. Ишчи-аъзолар  мавсумда 30 кишидан ортиб кетади. Бошқа пайтларда эса 15 тагача боради.

– Бугунги кун имкониятларидан фойдаланмаётган, нима қилишни билмай «боши қотиб» юрган тенгдошларимни сира ёқламайман, – дейди ёш фермер. – Ишни билганга топшир, дейишади боболаримиз. Ишбилармонлик аслида ҳаммада мавжуд. Уни ишлата билишимиз, замон билан ҳамнафас одимлашимиз керак. Бугун иш йўқ, деб бекорчиликнинг бошини тутиб юрган ёшларга шундай деган бўлардим: атрофга боқинг, фикр қилинг, ўқинг, вақтдан унумли фойдаланинг, ҳеч бўлмаса, тадбиркорликнинг бирор тури билан шуғулланинг. Қаранг, сиз каби ёшларнинг ташаббускорлиги эвазига бозорларимиз тўрт фаслда ҳам табиий, сифатли маҳсулотга лиқ тўла. Мактаб ва боғчаларимиз, яшаётган уйларимиз обод кўринишга эга бўлаяпти. Ҳар хонадонда енгил машина, замонавий рўзғор анжомлари бор. Бунга осон эришиб бўлмайди, ҳаммасининг ортида тинимсиз меҳнат ва фидойилик бор.

Кўпчилик менга, нима учун фермерликни танладинг, дейишади. Тўғри, илк йиллари хўжаликни юритиш осон бўлмади, албатта. Барака осмондан ёғилади, дейишади, менимча ерни обод этсангиз, уни парваришласангиз, барака ердан осмон қадар юксалади. Ҳосилдорликка эришишда жамоа аъзоларимиз меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтишни жоиз, деб ўйлайман. Уларнинг кўпчилиги ёшлардан иборат. Ҳалим Алманов, Ўрол Исмадиёров, Ўрам Ҳайдалиев ва Ойбиби Бобожонова каби ишчиларимизнинг кўрсатаётган жонкуярлиги алоҳида таҳсинга лойиқ.

Сардорбек Қораев бошқараётган фермер хўжалиги туманда намуна кўрсатиб келаётганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айни пайтда хўжаликда 100 бошдан ортиқ майда туёқли, 30 дан ортиқ йирик шохли, 8 та от парваришланмоқда. 50 сотих майдонда барпо этилган кўлда балиқчилик йўлга қўйилган.

– Кўлга биринчи йили  400 дона сазан балиқ чавоқлари ташланиб, мавсумда яхшигина балиқ овладик, – дейди С. Қораев. – Бу кўрсаткич йилдан йилга ортмоқда, мавсумда ҳар йилгидан-да кўп ҳосил олишга эришиш кўзда тутилмоқда.

80 гектар майдонда ястаниб ётган майсалар қалбингизга баҳорий мунавварликни туҳфа этади.

Эзгу мақсад, саховат бор жойда, омонлик бор, ризқ унуми бор, деганларидек, фермернинг ташаббуси билан хўжалик томонидан ҳар йили байрамларда «Майна Ҳасанова»  номли маҳалла ҳудудидаги кам таъминланган оилаларга хўжаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан эҳсон қилинади.

*  *  *

Сардорбек бу йил баҳорда 20 ёшни қаршилайди.

Унинг келгуси режалари талайгина. Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, янги қўшимча тармоқлар ташкил этишни, балиқчиликни янада ривожлантиришни ният қилиб турибди.

– Режа, мақсадларимиз кўп, уларга астойдил қилинган меҳнатимиз билан эришамиз, асосийси, ҳаракат бўлса, бас, – дейди ёш фермер мамнуният билан. Бизни кузатар экан, зангори «Лассети»нинг рулига ўтирди. Унга қарата, оқ йўл сенга Сардорбек, деганча ортга қайтдик.

Л. ЭЛМАТОВ