САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

Fevral 8, 2019 0 By admin
125

Корхонамиз табиий шарбат ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Оборот 1 млрд. сўмдан кам бўлганлиги учун 4 фоиз ставкада ягона солиқ тўлови тўлаймиз, лекин ҳозирги вақтда бизни мижозларимиз 20 фоиз ҚҚС билан ишлашни талаб қилмоқда. Ушбу ҳолатда биз товарларни реализация қилишда ҳисобварақ-фактураларда 20 фоизли ҚҚС билан расмийлаштирсак бўладими?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 197-моддаси 3-қисмига мувофиқ ягона солиқ тўловини тўловчилар бўлган юридик шахс­лар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига йилнинг нав­батдаги чораги бошлангунига қадар бир ойдан кечиктирмасдан, янги ташкил этилаётган ягона солиқ тўловини тўловчи юридик шахслар эса фаолият бошлангунига қадар тақдим этиладиган ёзма билдиришга асосан ихтиёрий асосда қўшилган қиймат солиғини тўлаши мумкин.

Агар корхонангиз ихтиёрий тартибда қўшилган қиймат солиғини тўловчиси бўлса, ушбу ҳолатда товарларни реализация қилишда ҳисобварақ-фактураларни ҚҚС билан расмийлаштиришингиз шарт.

Ягона солиқ тўловини тўловчилар мол-мулк солиғини 2019 йилдан бошлаб тўлайдими ёки 2018 йил ҳисоботлари бўйича ҳам тўлайдими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли Фармонига мувофиқ юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғи 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб барча ягона солиқ тўловчилар учун жорий этилганлигидан келиб чиқиб, ягона солиқ тўловчилари мол-мулк солиғини 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб тўлайдилар.

Аҳоли сони 100 минг ва ундан кўп бўлган жойларда ягона солиқ тўлови 4 фоиз тўланадими ёки  2 фоиз?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сонли қарорининг 7-иловасига мувофиқ, аҳолиси сони 100 минг ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар ягона солиқ тўловини 4 фоизлик ставкада тўлайди.

17 млрд. сўмлик пул айланмасига эга асосий фаолият тури электр энергия ишлаб чиқариш бўлган корхоналар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1442-сонли қарори асосида мол-мулк солиғидан озод этиладими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 15 декабрдаги «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги ПҚ-1442-сонли қарорида мол-мулк солиғидан имтиёз кўзда тутилмаган.

ЯСТдан умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтилиб фойда солиғи ҳисоблаб тақдим қилинганда, маълумотнома бериладими?

Солиқ кодексининг 164-моддасига асосан, солиқ тўловчилар юридик шахс­лардан олинадиган фойда солиғи бўйича жорий ҳисобот даври биринчи ойининг 10-кунигача давлат солиқ хизмати органига жорий ҳисобот даври учун тахмин қилинаётган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси ҳақида маълумотнома тақдим этадилар.

Солиқ кодексининг 354-моддасига асосан, ягона солиқ тўловини тўлашдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган солиқ тўловчилар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган биринчи чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашдан озод қилинади.

Соддалашган тартибда ҚҚС тўлаш режимида ҚҚС билан олинган товарларни ҚҚС суммасини ҳисобга олсак бўладими?

Солиқ кодексининг 226-3-моддаси бешинчи қисмига асосан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини қўллаётган солиқ тўловчилар солиқ солинадиган айланмалар бўйича ҚҚСни солиқ солинадиган база ва белгиланган табақалаштирилган ставкадан келиб чиққан ҳолда тўланган ҚҚСни ҳисобга олишни қўлламасдан ҳисоблаб чиқаради.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини қўллаётган солиқ тўловчилар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтганда товар-моддий заҳираларнинг қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга (зачётга) олиш ҳуқуқига эга эмас.

ЯТТ 100 млн.сўмдан кўп оборотни амалга оширса, қандай солиқ тўлайди?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарорига асосан:

календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини 4 фоиз ставкада тўлаши;

календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми бир миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлаши белгиланди.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан ҳар ойда энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида ягона ижтимоий тўловларни тўлайди.

Саволларга ВДСБ бўлим бошлиғи

А. САИДОВ жавоб берди.