“КЎМИР ЙЎҚ, ЎТИН ЙЎҚ, ЭЛЕКТР ҲАМ МУАММО”, – дейди Миришкор туманида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Араббой Бойназаров

“КЎМИР ЙЎҚ, ЎТИН ЙЎҚ, ЭЛЕКТР ҲАМ МУАММО”, – дейди Миришкор туманида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Араббой Бойназаров

Fevral 5, 2019 0 By admin
100

Қишнинг қировли кунларида иссиққина уйнинг қадри баланд. Чунки уйини иситиш имкони бўлмаган  киши учун қиш мавсумининг  бир дақиқаси ҳам оғир кечади. Ана шулар ҳақида ўйлар эканман бундан икки йил олдин ўзим гувоҳи  бўлган  бир воқеа ёдим тушади. Қишнинг совуқ кечаларидан бири эди ўшанда. Тун ярмида уйғониб ташқарига чиқсам кимнидир болта билан дарахт чопаётган товуши эшитилди. Бу ишни ким қилаётганлигига билиш ва атроф-муҳитга, табиатга зарар етказиши мумкинлигини уқтириш мақсадида ёнига бордим.  Ундан нима учун тун ярмида тут дарахтини чопаётганлигини сўрадим. Шунда қўшни йигит чопган дарахт таналарини йиғиштирар экан гап бошлади: уйда икки нафар ёш болам бор.  Уйни иситиш учун на кўмир ва на ўтин бор. Ёз бўйи тўплаган тезакларни ҳам ёқиб тугатдик. Ана шу ўтинни обормасам совуқда барчамиз касалликка чалиниб қолишимиз тайин. Шунинг учун тун ярмида бўлса-да болаларимнинг совуқда қалтираб  ухлай олмаётганлигига чидолмай дарахт чопгани чиққандим, деганча уйи томон равона бўлди…

Бундай ҳолатларда  совуқ исканжасида қолган оилани тушуниш мумкин. Ҳар йили киш мавсумида ана шу воқеа ёдимга тушади. Совуқ туфайли дарахт кесиш ҳолатлари бугунги кунда ҳам содир бўлмаяпти деб айтолмаймиз.

Қаттиқ ва суюқ ёқилғи маҳсулотларининг нархи ошиб кетганлиги боис ўтин ёки кўмир сотиб олишнинг уддасидан чиқолмаётган кишилар дарахтларга қирон келтираётир. Ёки аҳолининг совуқ кунлардаги эҳтиёжини қондириш мақсадида чўл ҳудудидан саксовул, юлғун каби ихота ўсимликларини  талон-тарож қилган ҳолда яширин йўллар билан ўғирлаб сотиш ҳоллари ҳам учрамоқда.  Энг ёмон томони шундаки саксовулзорлар кушандаси бўлган кишилар биргина «Москвич» автомашинасининг юкхонаси, том қисмини саксовул ўтини билан тўлдириш учун йигирма-ўттиз дона  саксовул дарахтларини қулатишар, бу орқали тайёрланган ўтинни аҳолига сотишар экан. Уларнинг бу қилмиши туфайли табиатга жуда катта миқдордаги зарар етказилмоқда.

Буни саксовул кушандалари ҳам, уни сотиб олаётганлар  ҳам яхши билишса-да, бирлари чопишдан, яна бирлари эса сотиб олишдан тўхташмайди. Аҳолига кўмир ва бошқа иситиш маҳсулотлари етказиб берилмаётганлиги боис ана шундай ҳолатлар юзага келаётир.

Аҳолининг қиш мавсумидаги шароитини ўрганиш мақсадида Миришкор туманида бўлганимизда одамлар уйларини  иситишда азият чекишаётганлигига гувоҳ бўлдик. «Янги Миришкор» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли «Гулистон» маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Араббой Бойназаров хонадонида бўлиб отахоннинг бу борада муаммоларига қулоқ солдик. Оилада 4 киши истиқомат қилади. Ичкари уйда қаттиқ ёқилғи ёқишга мўлжалланган қўлбола иситиш печи ўрнатилган. Уни ёқиш орали уй иситилади. Кўмир, ўтин йўқлиги сабабли тезак ёқишга мажбур бўлишмоқда.

–   Ёшим олтмишдан ошди. Кўзим хасталиги туфайли ногиронман. Уйни иситиш оиламиз учун катта муаммо. Маҳалла фуқаролар йиғини раисига мурожаат қилиб, кўмирга муҳтожлигимиз  тўғрисида маълумотнома олиб кўмир етказиб берувчиларга бир неча марта мурожаат қилдик. Аммо ҳар сафар борганимизда турли баҳоналар билан бизни алдаб келишаяпти. Уйимизни электр орқали иситиш мақсадида юртимизда ишлаб чиқарилган «Артел» конденционерини сотиб олдик… Бироқ, бу қувончимиз ҳам саробга айланди. Ток камлиги туфайли конденционерни қўшдик дегунча тақиллаб қийналиб қолади. Натижада уйни қиздира олмайди. Маҳалламиз туман  марказида жойлашган. Табиий газ қувурларини тортиш, электр энергия тизимидаги муаммоларни бартараф этиш ҳақида ҳеч ким  бош қотирмайди, – дейди Араббой Бойназаров.

Отахоннинг айтганича бор. Маҳалладаги бошқа хонадонларда бўлганимизда ҳам  ана шундай муаммолар борлигини айтишди. Туман ЁХБ инспекторлари ҳамроҳлигида туман марказидаги хонадонларда, айрим муассасаларда  ҳам бўлдик. Ана шундай масканлардан бири  яқиндагина фаолиятини бошлаган «Ёш билимдон» НМТМ. Ушбу  маскан 100 нафар болажонларни тарбиялашга мўлжалланган бўлиб айни кунда 45 нафар болажонларни ўз бағрига олган. Бу ерга ташриф буюрган киши дарвозадан кириши биланоқ эртак қаҳрамонлари ҳайкалчалари-ю , муҳташам айвончаларни кўриб болалик дамларини қўмсаб қолади. Бино ичкарисидаги яратилган шароитлар ҳам ҳар қанча мақташга арзигулик. Бу масканда болажонлар учун барча нарса муҳайё қилинган. Бироқ иситиш тизимидаги муаммо ана шундай маскан юзига соя ташлагандек, гўё. Газ босими пастлиги туфайли бинони қиздириш қийин кечаяпти. Шу боис бино залида табиий газ манбасига шланг ёрдамида уланиб қўлбола печдан фойдаланилмоқда.

—       Шланг ёрдамида газдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш мумкин эмас. Бу ис газидан заҳарланиш ва бошқа нохуш ҳолатларини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Масканда ёш болалар тарбияланаётганлигини  инобатга оладиган бўлсак, қўлбола печнинг атрофи ҳимояланиши шарт.  Акс ҳолда ўйинқароқ болажонлар эҳтиётсизлиги оқибатида турли кўнгилсизликлар юзага келишини унутмаслик керак, – дейди туман ЁХБ бошлиғи, подполковник Ҳамдам Рўзиев.

—       Ҳа, совуқ бўлиб турса қишнинг бир куни ҳам оғир кечади. Етарлича шароит яратилмаган қишлоқ ва маҳаллаларда, корхона ва муассасаларда  хоналарни иситиш муаммоси ҳалиям давом этмоқда  Кун сайин ривожланиб бораётган, барча соҳаларда янги технологиялар жалб  этилаётган шу кунларда чекка қишлоқларда яшовчи аҳолининг қиш  фаслига тайёргарлиги, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш ҳақида мутасадди раҳбарлар ўйлаб  кўришса, бундан аҳоли манфаат топади.

Зиёдулла ХАЛИЛОВ

Суратда: туман ЁХБ катта инспектори  сержант Х. Йўлдошев хонадон соҳибасига тушунча бераяпти