МЕҲНАТ РАFБАТ ТОПСА, ФАОЛИЯТ САМАРАДОРЛИГИ ОШАДИ

МЕҲНАТ РАFБАТ ТОПСА, ФАОЛИЯТ САМАРАДОРЛИГИ ОШАДИ

Yanvar 29, 2019 0 By admin
55

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари кетаётган бир пайтда ислоҳотлар моҳиятига ҳамоҳанг меҳнат қилиш давр талабига айланиб бормоқда. Бозор иқтисодиётига хос ижтимоий меҳнат муносабатларини шакллантиришда мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш услубидан қатъий назар ҳар бир корхонанинг тараққиёти, ходимлар фаровонлиги кўп жиҳатдан касаба уюшмалари фаолиятига ҳам боғлиқ.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда вилоят Давлат солиқ бошқармаси касаба уюшмаси қўмитаси ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ифода этувчи ҳамда ҳимоя қилувчи ташкилот сифатида ўтган 2018 йилда  самарали фаолият кўрсатди. Жумладан, меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш,  иш вақти ва таътилларни маромида кечишини таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқариш ва меҳнат интизоми каби масалаларни ҳал этиш борасида қатор ибратли ишларни амалга оширди.

Инсон ўзи севган, қизиққан касбида меҳнат қилса, унинг ишида унум, барака бўлади. Шу билан бирга ходимга ўзи фаолият юритаётган корхона ёхуд ташкилот ғамхўрлик кўрсатса, қўллаб-қувватласа, бу меҳнат самарадорлигининг ошишида муҳим жиҳат бўлиб хизмат қилади. Вилоят Давлат солиқ бошқармаси ва унинг туман, шаҳар инспекцияларида мавжуд 14 та бошланғич касаба уюшмалари томонидан ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси бўйича етарлича иш олиб борилмоқда. Уюшмаларнинг барчасида ходимлар билан жамоа шартномалари тузилган.

Ходимлар учун яратилган  хавфсиз меҳнат шароитлари мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қилаётган ходимлар фаолиятининг самарадорлигини таъминламоқда. Йил давомида моддий ёрдам, меҳнатда юкори натижаларга эришганлик учун мукофот, кўп йиллик хизматлари учун рағбатнинг берилиши ходимларни янада яхшироқ ишлашга ундамоқда. Ходимларни юбилей ва нафақага кузатиш тантаналари, тўй-маъракаларида моддий ёрдам бериш ҳам бошланғич касаба уюшма қўмитаси диққат-марказида. Куз мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш учун касаба уюшмаси тавсиясига мувофиқ моддий рағбатлантириш фонди ҳисобидан бошқарма ходимларига кўрсатилган ёрдамдан барча мамнун бўлди.

Спорт – саломатлик гарови. Буни чин дилдан ҳис қилган солиқчилар ишдан бўш вақтларида Қарши шаҳридаги «Локомотив» спорт клубида жам бўлишади. Бу ерда ходимларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шароитлар етарли. Бу саъй-ҳаракатлар солиқ ходимлари ўртасида мунтазам ташкил этиладиган спорт мусобақаларида яққол намоён бўлади. Жумладан, яқинда солиқчилар ўртасида бўлиб ўтган мини футбол мусобақалари ниҳоятда қизғин ва муросасиз кечди. Fолиблар мусобақа кубоги ва китоблар жамланмасига эга бўлишди.

Солиқ идоралари ходимлари фарзандларини ёзги оромгоҳларда дам олиб, соғломлаштирилишини таъминлаш, касаба уюшма аъзоларининг мурожаатларини кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилиш ҳам муҳим вазифаларимиз сирасига киради.

Айни пайтда жорий йил учун тузилган режалар асосида қизғин фаолият олиб бормоқдамиз. Зеро, инсон манфаати ҳар нарсадан устун қўйиладиган юртимизда меҳнат қилиш шараф  ва масъулият экан, бу борада барча имкониятларни ишга солаверамиз.

Рустам АНДАЕВ,

ВДСБ касаба уюшмаси қўмитаси раиси