«ХАБАРДОР ЭДИГУ, АММО…»

«ХАБАРДОР ЭДИГУ, АММО…»

Yanvar 29, 2019 0 By admin
82

Бугунги кунда тадбиркорлик тартиб-қоидаларини билмаган кишининг ўзи бўлмаса керак. Нишон тумани «Гулистон» маҳалласида яшовчи фуқаро Асрор Сиддиқов (исм-фамилия ўзгартирилган)  ўзига тегишли савдо дўконида озиқ-овқат маҳсулотларини сотади. Савдо фаолиятида алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилишини у яхши билади. Аммо алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш учун махсус рухсатномаси йўқ бўлишига қарамай, тадбиркор ўз маҳсулотларини савдога киритди.

Нишон тумани Давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган рейд текширувида қонунбузар тадбиркор қўлга тушди. Унга нисбатан белгиланган тартибда далолатнома ва баённома тузилиб, умумий қиймати 1 миллион 965 минг сўмлик маҳсулотлар ашёвий далил сифатида  вақтинча олиб қўйилди.

ҚАССОБМИ ЁКИ ҚАЛЛОБ?

Вилоятимиз аҳолиси гўшт ва гўшт маҳсулотларини кўп истеъмол қилиши билан ажралиб туради. Шундай экан, воҳамизда чорва моллари кўп сўйилади, қассобликни касб қилган, гўшт маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчилар сони ҳам анчагинани ташкил этади. Чунки, бу касбнинг даромади сермаҳсул, бир оиланинг тўкин-сочин ҳаёт кечириши учун етади. Хўш, бугунги кунда қассобларимиз қонуний фаолият олиб бораяптиларми?

Деҳқонобод тумани «Истиқлол» маҳалласида яшовчи фуқаро Ш. А. бир неча йилдан буён қассоблик билан шуғулланиб келади. Лекин қонуний тарзда фаолият олиб боришни хаёлига ҳам келтирмайди. Бу ҳолат қассобга нисбатан туман Давлат солиқ инспекцияси ходимларининг тегишли тартибда далолатнома тузишига сабаб бўлди.

ЦЕХЛАР ФАОЛИЯТИ ТЎХТАТИЛДИ

Косон туманидаги «Раимсўфи» ва «Этак» маҳалласида яшовчи фуқаролар ноқонуний йўл билан мўмай даромад топиш йўлига ўтишди. Тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтиб қонуний фаолият олиб боришни ўзларига эп билишмади. Айни пайтда улар бу ишларидан пушаймон эканликлари рост.

«Раимсўфи» маҳалласида яшовчи Ш. Сатторовнинг ҳеч қандай ҳужжатсиз, яъни давлат хизматлари маркази рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний равишда пахта титиш цехи фаолияти билан шуғулланиб келаётгани зийрак солиқ ходимлари томонидан фош этилди. «Этак» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ш. Бобоназаров ҳам ундан қолишмас экан. У ҳам ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтмасдан пахта титиш цехини юритган.

Ноқонуний фаолияти фош бўлган бу фуқаролар қилмишларига яраша жазо олишди.

НОҚОНУНИЙ ФАОЛИЯТГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Мамлакатда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли ҳаёт даражаси ва фаровонлигининг барқарор ўсишига имкон берувчи фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишга, фан ва инновацион фаолият жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Лекин, беш қўл баробар бўлмагани каби орамизда берилган ушбу имкониятларни суиистеъмол қилаётган шахсларнинг борлиги айни ҳақиқат.

Тадбиркорлик фаолиятини амалдаги тартиб-қоидаларга асосан йўлга қўйилишини таъминлаш, ноқонуний тадбиркорлик хатти-харакатларининг олдини олиш мақсадида вилоят Давлат солиқ органлари томонидан қатор ишлар амалга ошириб борилмоқда. 2018 йил давомида вилоят солиқ органлари томонидан 318 маротаба рейд текширувлари (назорат тадбирлари) ташкил этилди. Тадбирлар давомида ноқонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлардан 617 миллион 584,9 минг сўмлик моддий қийматликлар олиб қўйилди.

– Биргина Чироқчи туманида 38 маротаба назорат тадбирлари ташкил этилган бўлса, тадбирлар давомида 8 та яширин цехлар фаолияти йўлга қўйилганлиги, 14 та алкоголь маҳсулотлари, 2 ҳолатда нефть маҳсулотлари ва 15 та озиқ-овқат маҳсулотлари билан ноқонуний савдо юритаётган «ишбилармон»лар борлиги аниқланди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи Комил Элатов. – Вилоят миқёсида эса 93 та яширин цехлар, 44 та алкоголь маҳсулотлари, 25 та тамаки маҳсулотлари, 23 та дисклар, 6 ҳолатда  нефть маҳсулотлари, 6 та заргарлик буюмлари, 2 та машина тураргоҳлари ва 119 ҳолатда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан ноқонуний  фаолият юритилаётгани маълум бўлди. Бундай қонунбузарликларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилди.

Албатта, ҳар бир фаолият қонуний тартиблар асосида ташкил этилиши лозим. Акс ҳолда, қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилаверади.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси билан ҳамкорлик тайёрланди