СОЛИҚ ҚАРЗЛАРИНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ ДАВОМ ЭТАДИ

СОЛИҚ ҚАРЗЛАРИНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ ДАВОМ ЭТАДИ

Yanvar 27, 2019 0 By admin
134

Қарши шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор Аъзам Ўлжаев (исм ва фамилия ўзгартирилган) бир неча йилдан буён савдо фаолияти билан шуғулланиб келади. Айрим қийинчиликлар сабаб солиқлардан 6 млн. 150 минг сўм қарз бўлиб қолди. Қарзини тўлаб, фаолиятини қайта бошлашга қўли калталик қилаётган эди. Давлатимиз томонидан унинг қарзларидан кечилгани айни муддао бўлди. У энди яна тадбиркор.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлда «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши ана шундай фуқаролар учун қўл келмоқда.

Фармонга мувофиқ, 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларнинг солиқлари, пенялари, молиявий жарималари ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарзларидан воз кечилмоқда.

Бугунги кунда вилоятимизда мазкур фармон талабига мос келадиган 5591 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар мавжуд бўлиб, уларнинг 1552 нафарининг 11 миллиард 157,6 миллион сўмлик қарзларидан воз кечилган. 722 нафар фуқаролар эса солиқ қарзларини ихтиёрий равишда тўлаган.

– Таъкидлаш жоизки, қарздан воз кечилиши учун мазкур шахслар 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаши ёки давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолиятни давом эттириши лозим эди, – дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси давлат солиқ катта инспектори Лазиз Худойқулов. – Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан солиқ қарзларидан воз кечиш муддати олти ой муддатга узайтирилди.  Демак, мазкур шахслар  2019 йилнинг 1 июлига қадар давлат рўйхатидан ўтиб ўз фаолиятини олиб борсалар, уларнинг солиқ қарзларидан воз кечилади.

З. КЕЛДИЁРОВ