УЙҚУДАГИ ОТА… ёхуд «дада, китоб олиб беринг…»

УЙҚУДАГИ ОТА… ёхуд «дада, китоб олиб беринг…»

Yanvar 27, 2019 0 By admin

Остсарлавҳадаги бу саволни фарзандингиздан эшитганмисиз? Ё қачондир уйга китоб кўтариб келганингизни эслайсизми? Балки яқиндагина болаларнинг мўъжизаларга бой Янги йил байрамида уларга ширинлигу ўйинчоқлардан ташқари китоблар ҳам совға қилгандирсиз?

ЭНГ ЗЎР СОВFА

нги йилни кутиб олиш арафасида қўшнимиз бозорга чиқиб байрам дастурхони учун фалон минг сўмлик бозорлик қилиб келганини айтиб мақтанди. Супермаркетдан фарзандлари учун ҳар бири 50 000 сўмдан Қорбобонинг расми туширилган қутичага жойланган ширинликлардан совға қилганини оғзидан бол томиб мақтай кетди. Ҳаммасидан ҳам момосининг сандалида китоб ўқиб ўтирган қизимга қарата, «даданг сени яхши кўрмайди, келиб-келиб байрам куни ҳам китоб совға қиладими?», дегани ошиб тушди. Зукко қизим ишхонамиздан берилган худди шунақа совғани унга кўрсатиб, «янгажон, менга ҳар қандай совғадан мана бу китоб минг марта азиз», деди. Бу жавобдан қўшнимиз хижолат бўлишнинг ўрнига бурнини жийирганча орқасига қайтиб кетди.

ЭРТАКЛАРДАН –

ҲАҚИҚАТГА

Тез-тез шаҳримиздаги китоблар дўконига кириб тураман. Шундай кунларнинг бирида китоб дўконига янги келган китобларни кўздан кечираётиб, ёнимдаги кишининг дўкон ходимларидан бирига, «ука, эртакларингиз борми?» деган саволи эътиборимни тортди. Негаки, у кишининг шундоққина рўпарасида эртак китоблар терилган турарди. Ҳайрон бўлдим. Кўрсатилган китобларни кўздан кечирар экан, ҳалиги киши ўзига-ўзи гапира кетди:

– Шу-у, болаларга ҳам ҳайронман, мактабдаги гапни уйга ташиб келаверар экан-да, нима эмиш, ўқитувчиси: «даданг, ойинг эртак айтиб берсин» деганмиш, ҳм. Эртак айтишни билмасам, нима мен сенга эртакчимидим, десам, унда эртак китоб олиб келинг, ўзим ўқиб олавераман, дейди. Ўргилдим, ўша ўқитувчингдан ҳам, сендан ҳам. Ундан кўра ўқитувчинг замонга боқсин, пул топишни, бой бўлишни, бизнесни ўргатсин,  – у шундай деб қўлига икки-учта китобчаларни олганча «касса» ёнига йўналди.

Қизиқ, бу ота-оналар фарзанди қалбига эзгулик, маънавият уруғини экмоқчи бўлган ўқитувчидан нега ранжишади? Ахир, ўйлаб кўринг, бизнинг ота-боболаримиз бува ва бувиларидан эртак ва топишмоқларни эшитиб улғайишмаганми? «Нима яхши-ю, нима ёмон?» деган хулосани ана шу эртаклар орқали идрок этишган-ку! Ва келажак авлодларгача, яъни, бизгача сақлаб келганлар. Бунча энди, биз эртак айтиб бериш ёки ўқиб беришга лоқайдлик қилишимиз керак экан? Йўқ, бу саволга чуқурроқ ёндашиб жавоб қидиришимиз лозим. Бугунги кундаги ҳаётимизга таҳдид солаётган айрим ёвуз кучлар томонидан уюштирилаётган баъзи жиноий ишлар мурғак болаларимиз онгидаги «Эзгулик ҳамиша ғолиб!» деган тушунчага салбий таъсир кўрсатмайдими? Шундай пайтда нима ёрдам бера олади, албатта, бебаҳо маънавий меросимизга мурожаат қилишимизга тўғри келади. Чунки, китобларгина болалар руҳиятига яхшилик туйғусини, эзгулик сарчашмаларини олиб кира олади.

ҲАҚИҚИЙ БОЙЛИК НИМАДА?

Маълумки, китобхонлик шунчаки завқли жараён бўлибгина қолмай, кўпчиликни ўйлантирадиган муаммога ҳам айланаётир. Дунёнинг кўп мамлакатларида китобдек бебаҳо неъматдан бошқа моддий нарсаларга, тўғрироғи, пул топишга, тезда бойишга қизиқиш кучайган бир пайтда мамлакатимизда китобхонликни юксакка кўтарилаётгани фахрланишимизга арзийди, албатта. Аслида, дунёнинг энг катта бойликлари, хазиналари ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ягона бойлик – китобнинг ўрнини босолмайди.

Тўғри, иқтисод – бизнесни ҳам ўрганиш, билиш яхши, лекин асосий вазифамизни унутмаслигимиз керак-да, ахир. Бола китоб сўраяптими, бундан бениҳоя хурсанд бўлишимиз ва ўша заҳоти  талабини қондиришимиз керак. Чунки, ҳамма оила фарзанди ҳам бу талабни қўявермайди, бунинг ўрнига ўйинчоқми, бирон бир егуликми  ва бошқа нарсаларни сўрайдиган «эркатой»ларини катта қилаётганлар камми орамизда? Гап – ўша  «Қуш уясида кўрганини қилади» деган нақлга бориб тақалади. Уйга кеч қайтган баъзи бир ота ёки оналар ишининг кўплигидан нолиб, китоб ё газета  ўқиш у ёқда турсин,  ҳатто боласининг дарсини сўрашга қунт қилмайди. Бу ҳол эса жажжи фарзандларимиз шуурига қандай таъсир қилишини ўзингиз ўйлаб кўраверинг.

ОБУНАНИ

«МАЖБУРИЙ» ДЕБ…

Шундай дея маънавиятимиз куртакларига болта урганимизни англамаяпмиз. Бу – энди алоҳида мавзу. Майли, ҳеч ким газета ўқимасин, газеталар ўз-ўзидан «йўқ бўлиб кетаверсин…» Лекин… китобхонлик газета ўқишдан бошланади. Болаларимизни замонга эргашиб, интернет кафеларга, компьютер ўйинларига жалб этишимиз,  жилла қурса, битта шапалоқдек қўл телефони кўтариб юриши яхшидир балки. Яна битта «лекин»и бор-да… Интернет оламида эзгуликдан ташқари қандай ёвуз кучлар тиш қайраб турибди. Оқ-қорани ажратолмаган ёшлар адашиш  кўчасига кирмайди, деб ким кафолат беради?

Афсуски, китобхонлик тарғиб этилаётган бир пайтда «мажбурий обуна йўқ!» деган гапни оламшумул «шов-шув»га айлантирдигу, газетани кўриб балони кўргандай қочадиган бўлдик. Оқибати нима бўлади, буни ким ўйлайди? Ахир, бу билан маънавиятимиз куртакларига болта урмаяпмизми?

БОЛАНГИЗНИНГ

«СПАРК» МИНИШИНИ

ИСТАЙСИЗМИ?

Юртимизда маънавиятни ривожлантиришга алоҳида этибор қаратилмоқда.  Бугун фарзандларимиз маънан баркамоллиги, билимдонлиги ва иқтидори билан дунёга юзланиб, кўпгина нуфузли танлов ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётгани қувонарли ҳол. Узоққа бормайлик, биргина «Ёш китобхон» республика кўрик-танловини олайлик. Сизнинг ҳам қизингиз ёки ўғлингиз Президент совғаси – «Спарк» автомобилини қўлга киритса, тасаввур қилиб кўринг, бошингиз кўкка етмайдими? Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ана шундай эзгу ишлар довруғимизни ҳар томонга кенг ёйилишига хизмат қилмоқда.  Бу эса эртанги  кун ворислари бўлган ёш авлод вакилларининг етук ва салоҳиятли кадрлар бўлиб етишишига эришиш учун қилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг яққол кўринишидан далолат.

РАҲМАТ, СИЗГА,

ГАЗЕТАЛАР

Шуларни  ўйлар эканман, болалигимдаги айрим воқеалар кўз олдимдан ўтади. Эсимда, у пайтларда қишлоғимизда ҳам, мактабимизда ҳам кутубхона йўқ эди. Мен эса янги-янги китоблар ўқишга жуда-жуда орзуманд эдим. Уйдаги 3-4 та эртак ва шеър китобларни ўн марталаб ўқиб чиққандим. Янги китобни қанча хоҳламай, топишим анча мушкул эди. Ҳозиргидек китоб қаерда дейсиз? Бир сафар онам билан шаҳарга келиб роса китоб қидирганмиз, аммо, мен учун керакли китобни тополмай анча ўкинганман. Онам эса қанча юпатмасин, барибир овутолмасди.

Фақатгина бир овунчим – газета-журналлар эди. 1986 йили 1-синфга ўқишга борганман. Мақтанаяпти, деманг-у, ўшандаёқ уйимизга ҳар ҳафта келиб турадиган ўнлаб газета-журналларни битта қолдирмай ўқиб чиқардим. Негаки, мактабга бормай туриб, олти ёшимдаёқ ўқишни ўрганиб олганман. Опаларим сира қўлдан қўймайдиган «Fунча», «Тонг юлдузи», «Гулхан», «Ёшлик», «Ёш куч», «Фан ва турмуш», «Саодат», «Гулистон» ва бошқа кўплаб газеталар-журналларнинг сарлавҳаларини ўқиб, сўз ёдлаганман. Шунинг учун ҳам Сўздан, айниқса, газета-журналлардан, уларга нафақасидан обуна бўлган онажонимдан бир умр миннатдор бўламан.

 

ХАЗОН ЭТМАНГ, УМИД БОFЛАРИН…

Шукрки, ҳозирги болалар бахтига ҳурлик замонида бозор ва дўконлар тўла китоб, ўқийман деса хоҳлаганча газета-журналлар нашр этилмоқда. Мана сизга – маънавият замони!

Ота-оналага қарата шундай деган бўлардим: умид билан катта қилаётган фарзандларингиз қаршисида бир нечта эшиклар мавжуд. Ваҳоланки, сиз фарзандингизни  энг муносиб, энг тўғри, кириб борса келажакка ёруғ юз билан етадиган эшикни танлайсиз. Бироқ, ҳали онги ва фикрлаш доираси анча тор бўлган нуридийдангиз сизнинг эътиборсизлигингиз туфайли ўзи танлаган эшикдан кириши қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилаверинг.

Ривоят қилинишича, бир мамлакат ҳудудидан ўтаётган Соҳибқирон бобомиз қўшинлари йўлида бир диний маскан учрайди. У ерда таркидунё қилган кўплаб одамлар яшар экан. Уруш қонунларига мувофиқ, босиб олингандан кейин ўша жой таг-туги билан йўқотилиши керак эди. Аммо соҳибқирон бу ишни амалга оширишга шошилмайди. Бу жой, гарчи бошқа эътиқодга хизмат қилса ҳам, диний маскан эди. Аёллар ва болаларни олтин ва кумуш ҳисобига озод қилиш таклифига пинагини ҳам бузмайди. Бирданига бошқа таклифни ўртага қўяди. Ким тирик қолишни истаса, ўз оғирлигича китоб келтирсин! Бу таклифни черковдагилар узоқ муҳокама қилади ва ўлимга рози эканликларини изҳор қиладилар. Улар энг қимматбаҳо бойликлари – қўлёзма китобларни топширишни хоҳламайдилар. Соҳибқирон бундай қарордан ҳайрон бўлади ва уларнинг ҳаммасини авф этади. Ҳа, халқининг энг нодир бойликларини жонидан азиз билган кишилар тирик қолишга, яшашга ҳақли экани юқоридаги ривоятда акс этган.

Хулоса ўрнида яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, асли маънавиятли бўлган  аждодларимиз  орзуси рўёбини биз кўриб турибмиз. Лўнда қилиб аймоқчи бўлсак, маънавият,  аввало, оилаларда шакллантирилади. Инсон қаерда бўлмасин, биринчи навбатда маънавий тарбияси билан ҳурмат топади. Шуни ёдда сақлашимиз лозимки, маънавият – илдизи ўта мустаҳкам, меваси мангулик бўлган бир дарахтга ўхшайди. Бу барчамизнинг умид дарахтимиз бўлиб, уни парваришлаб келажакка боғ қилиб қолдиришга бурчли эканимизни унутмайлик!

Лочин ЭЛМУҲАММАД