ТАДБИРКОРЛИКНИ БОШЛАМОҚЧИМИСИЗ?

ТАДБИРКОРЛИКНИ БОШЛАМОҚЧИМИСИЗ?

Yanvar 18, 2019 0 By admin

Бунинг учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида тушунчаларга эга бўлишни истайсизми?

Тадбиркорлик ортидан яхшигина даромад қилиб, эл-юртга, оиласининг фаровонлигига ҳисса қўшишни ким хоҳламайди, дейсиз. Даромадинг яхши бўлгандан кейин ишга иштиёқ ҳам, ҳавас ҳам ортар экан. Бугунги кунда юртимизда тадбиркорларга берилаётган имконият ва имтиёзлар ёшларни унумли  меҳнат қилишга, тадбиркорлик соҳасида муваффақиятлар қозонишга   ундамоқда.

Камина ҳам кўпчилик тенгдошларим қаторида  тадбиркорлик деганда фақат банкдан кредит олиш ва савдо-сотиқ билан шуғулланишни тушунар эдим. Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш, солиқ муносабатлари билан боғлиқ масалаларга оид билимим етарли эмас эди. Айниқса, тадбиркорлик фаолиятига оид қонунлар, бизнес-режа тузиш ва уни амалга оширишда банк кредитларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан тушунча ва тавсиялардан йироқ эдим. Тадбиркорлик фаолиятини бошлагандан сўнг, ҳаммани уддаладим.

Ёш тадбиркор доим янгилик яратиш иштиёқида яшайди. Тенгдошлари чойхоналар, давраларда маза қилиб, чақчақлашамиз, дейишса, уларнинг таклифини рад этади. Уларга қарата, «мени қанчадан-қанча иш кутиб турибди. Сизлар ҳам менга ҳамкорлик қилсангиз бўлмайдими?» дейди. Тадбиркорнинг қалбини ҳамиша яратиш, янгилаш ва бунёд этишдек улуғ туйғулар эгаллаб олган бўлади. Иш бошида, масалан, боғдорчиликни йўлга қўймоқчисиз, кимдир сизга, «қўй, нима қиласан, бошингни оғритиб, барибир бу ерда ҳосил битмайди», дегувчилар ҳам топилади. Ёш тадбиркор қатъиятли, бир сўзли эмасми, бундай гапларга парво қилмайди, ишини давом эттираверади. Ўз сармоясини тадбиркорлик учун сарф этишдан чўчимаслик керак.

Муҳими, ишни тўғри ташкил этишингиз керак. Аниқ ва пухта ҳисоб-китоб, ўзига хос бизнес режага асосланган ҳолда иш бошлаган маъқул. Масалан, иссиқхона қурмоқчисиз, бунда асосан экиш муддатларига риоя қилиб, сифатли уруғдан фойдаланиш, экиш муддати ва усуллари, озиқлантириш, суғориш, ишлов бериш, ўсимликларнинг касалликларига қарши курашиш каби агротехника юмушларини ўз вақтида бажариш ва етиштирилган маҳсулотни сотишни тўғри ташкил этиш лозим. Ишлаган, меҳнат қилган одам кам бўлмайди.

Бундай тармоқни йўлга қўйган тадбиркор уддабурон, ишдан чўчимайди, қатъиятли ва фидойи бўлади. Бунинг натижасида эса ҳар сотих ердан миллионлаб даромад олади.

Йигит кишига етмиш ҳунар ҳам оз. Болалигимдан спортга, аниқроғи миллий курашга қизиқаман. Ўқувчилик йилларимда кўплаб мусобақаларга қатнашардим. Ўшанда мен сифатли спорт кийимларига эҳтиёж сезганман. Полвонлар курашга тушишда киядиган қалин яктак керак бўларди. Бозордан олганим кўпга бормай сифатини йўқотиб яроқсиз ҳолга келиб қоларди. Бир куни шу яктакни, яъни, полвонлар киядиган махсус кийимни ўзим ишлаб чиқарсам-чи, деган ният туғилди. Бунинг учун ҳам тадбиркорликни, ҳам тикувчилик   сирларини ўрганишим керак эди. Хуллас, ҳеч иккиланмай, эзгу мақсадим йўлида дадил одимладим. Аввал, устоз топиб, спорт кийимларини тикишни ўрганишга киришдим. Полвон одамга бу вазифани уддалаш осон бўлмас экан. Бошида роса қийналдим. Орадан бир неча йил ўтиб, Чироқчи туманидан келиб Қарши шаҳрида спорт кийимларини ишлаб чиқаришга асосланган корхонани ишга туширдим. Натижа кутганимдан ҳам аъло даражада. Харидорлар дидига мос  спорт кийимларини етказиб бермоқдамиз. Ҳозирда корхонамизда ўндан ортиқ ёшлар иш билан таъминланган. Кўплаб шогирдларга соҳа сирларидан сабоқ бердим. Улар бугун қишлоқлардаги спортсевар ёшларга хизмат кўрсатаётир.

Албатта, ҳар бир ёш йигит-қиз ишбилармон, уддабурон ва тадбиркор бўлса, юртимиз гуллаб-яшнайди, халқимиз турмуши янада обод ва фаровон бўлади.

Азамат ХЎЖАҚУЛОВ,

 Қарши шаҳридаги «Азамат Исоқович» хусусий корхонаси раҳбари