СЕВГИЛИМ ДАДАМДАН КАТТА

СЕВГИЛИМ ДАДАМДАН КАТТА

Yanvar 18, 2019 0 By admin

У билан бир йил ёзишдик. Ақлли,  ширин сўз, ҳар бир гапни топиб гапирадиган, хафа бўлсам, кўнглимни кўтарадиган йигит эди.  Мен учун ярим тунгача, баъзан тонггача уйқусидан кечарди. Телефонимга пул ташлаб қўйган кунлари ҳам кўп бўлган. Ниҳоят, учрашишга қарор қилдик. Мен оқ шарфда бўлишимни, у эса шляпа ва қўлида кичкина сумкача бўлишини айтди. У «Сал эртароқ келиб, ресторанга жой буюртириб қўйдим, Гуля исмли официант сизни кутиб олади. Бемалол ўтириб, чой ичиб туринг», деди. Айтганидек, мени маликалардек кутиб олишди. Кабиналарнинг бирига таклиф қилишди. Ҳаяжондан юрагим ҳаприқиб кетар, икки юзим оловдек ёнарди. Ўтириб, бир стакан сув ичиб олдим.  Бироздан сўнг ёши олтмишларга бориб қолган бир одам келиб ўтирди. Овози жуда қадрдон эди. Йигитнинг отаси бўлса керак, деб ўйладим. Унинг бир четга қўйган кичкина сумкачасини кўриб, тилим айланмай қолди.

– Самира, бу узун тунлар сиз билан суҳбатлашган ошиқ мен бўламан. Сизни юзма-юз кўриб, муҳаббатим ўн чандон ошди. «Биз бахтли бўламиз, худо хоҳласа, худо хоҳламаса учрашармидик.»

У  ўша майин ва салмоқли товушда гапирар, мен эса тинмай йиғлаётгандим. Ўрнимдан туришга ҳам ҳолим йўқ эди.

-Икки йил бўлди, нафақага чиқдим. Хотиним вафот этган. Болаларим ўзи билан ўзи овора. Тунлари уйқум келмайди. Нафақага чиқсам, маза қилиб ухлайман, дегандим,  қайда. Шундай қилиб, интернетга асир бўлдим. Кейин эса сизни топдим.

Эҳтимол, ёшим бироз ўтиб қолгандир. Бироқ  бир йигит бериши керак бўлган бахтни ҳадя қилоламан, деб ўзимга ишонаман. Топиб-тутганим, йиғиб қўйганим бор. Иккимизга етади. Хоҳласангиз, институтга ҳам кириб ўқишингиз мумкин.

Қолган гапни эшитмадим, бир амаллаб оёққа туриб қочдим. Мен оппоқ кўйлакда ўзимнинг тенгқуримга турмушга чиқиб, ягона бахтим билан яшаб ўтишни хоҳлардим. Дадам ҳали элликдан ошмаганлар. Куёви олтмиш беш ёшли чол бўлса-я…

Шунчалик тез қочдимки, кўз ўнгимга дадам келаверди. Ортимдан Гуля қувлади. Яхшиям такси тўхтади. У мени мажбуран олиб кетишдан тап тортмаслигини сезгандим. Мен аҳмоқ қанча совчиларни қайтардим. Бир йил ҳаётдан узилиб қолгандек эдим. Юрагим ҳувуллаб қолди. «Гулим, сиз мени маънан севиб қолдингиз, деб ўйлагандим. Наҳотки, инсоннинг ёши шу қадар муҳим бўлса! Қалбингиз тоза, туйғуларингиз рост бўлса бўлди, дегандингиз-ку. Ҳеч бўлмаса, «смс»лашиб турайлик. Уйқусиз тунларимнинг овунчоғи эдингиз. Майин овозингиз менга ҳаёт бағишларди.»

Бу унинг сўнгги «смс»и эди. Уни «блок»лаб ташладим. Онам бечора бир аҳволда кириб келганимдан қўрқиб кетдилар. Дарҳол асалли чой ичириб, ўраб қўйдилар. Шунда ҳам дағ-дағ титрашдан тўхтамасди. Ўзимга келгач, ижтимоий тармоқдаги 2000дан зиёд группадошларимга дўстим «отахон «экан, дея хабар жўнатдим. Кимдир менга ачиниб, кимдир кулиб жавоб қайтарди.

Биттаси интернет-магазиндан эр топмоқчимидинг, деб таъна тоши отди. Профилимда жанжал бошланиб кетди. Ҳамма бир-бирига қарши фикр айтар, сўкинишар, ҳар хил қаҳқаҳа отиб турган «смайл»ларни жўнатишарди. Қайтиб профилимга кирмадим. Улардан кўнглим қолди, бездим. Ишонувчанлигим панд берди. Ҳаммаси бачкана гап-сўзлар эканлигини, орзуларим  ва қайғум улар томонидан эрмак бўлаётганини англадим.

«Ҳаётга қайтдим». Тенгдошларимга эса кўрмаган-билмаган, суриштирмаган  кишингизга кўнгил қўйманг, деган бўлардим.

Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА