«ЖАЖЖИ КИМЁГАР»ЛАР ҚУВОНЧИ

Yanvar 18, 2019 0 By admin

Мутахассисларнинг фикрича, болага мактабгача ёшда берилган таълим ва тарбия келгусида унинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб улғайиши йўлида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Шу боис, шахс камолотида мактабгача таълим муассасаларининг аҳамияти беқиёс. Юртимизда мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилиши ҳам шундан. Мамлакатимизнинг барча гўшаларида бирин-кетин ташкил этилиб, ишга тушаётган нодавлат мактабгача таълим муассасалари соҳага қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси бўлмоқда.

«Деҳқонобод калий заводи» МЧЖ ҳузурида ташкил этилган «Жажжи кимёгар» нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳам ана шундай бахтиёр болажонлар масканидир. Бу ерда кичкинтой болажонларнинг яйраб-яшнаб камолга етишлари, болажонларнинг мустаҳкам билим олишлари, муносиб тарбияланишлари учун бу ерда барча шароитлар муҳайё этилган.

Икки гуруҳга жам бўлган корхона ишчи-ходимларининг жажжи фарзандлари бу масканда инглиз ва рус тилларини мукаммал ўрганмоқдалар. Тарбияланувчилар, асосан, мактабга тайёрлов ёшидаги ўғил-қизлардан иборат бўлиб, уларга малакали устоз ва тарбиячилар томонидан математика, тасвирий санъат сабоқлари ўргатиб борилмоқда. Зукко, билимга чанқоқ болажонлар ясаган турли аппликациялар, лой ва пластилиндан тайёрланган ҳайкалчаларни кўриб, маҳоратли  устозлар меҳнати зое кетмаганига амин бўласиз.

Муассасадаги гимнастика зали жажжи қизларнинг қоматлари расо, соғлом ва гўзал бўлишига хизмат қилса, спорт майдончасида болалар турли мусобақаларда ўз чаққонликларини намоён этишади. Қумли майдончаларда ўтиладиган машғулотлар бола организмининг ривожланишида катта аҳамиятга эга.

– Муассасамиз тарбияланувчиларининг ҳар жиҳатдан етук бўлиб улғайишлари учун бор билим ва тажрибаларимизни ишга солмоқдамиз, –  дейди нодавлат таълим муассасаси мудираси Нодира Бойназарова. – Жамоамизда меҳнат қилаётган устоз ва тарбиячилар доимо изланишда, маҳорат ва тажрибаларини ошириб боришади. Зеро, бугун ўсиб вояга етаётган ўғил-қизларни эртанинг муносиб эгалари қилиб тарбиялаш зиммамизда экан, бу шараф ва масъулиятга муносиб бўлиш бурчимиздир.

Ҳусния ЭШҚУЛОВА