ҲОКИМ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Yanvar 10, 2019 0 By admin
153

Қарши шаҳридаги янги ёпиқ сузиш ҳавзасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташаббуси билан «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида ташкил этилган учрашувда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчилари ва ёшлар иштирок этишди.

Вилоят ҳокими тадбир давомида юртимизда ёшларни жамиятнинг энг илғор қатлами сифатида ҳамиша қўллаб-қувватланаётганлиги, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш борасида  барча  имкониятлар  яратилганлиги  тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди.

Тадбирда иқтидорли ва фаол ёшлар сўзга чиқишиб, ўзлари эришган ютуқ ва муваффақиятлари ҳақида ўртоқлашишди, яратилган имконият ва шароитлар учун Президентимизга миннатдорчилик  билдиришди. Шунингдек, учрашувда ёшларнинг келгусидаги режалари, уларни қийнаётган муаммолар ҳақидаги таклиф-мулоҳазалар ҳам тингланди. Вилоятимизда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, талабалар учун йўналишли автобусларни ташкил этиш, вилоят «Ёшлар маркази»ни замон талаблари доирасида қайта қуриш каби кўплаб таклиф ва муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

-Анъанавий  ўтказилаётган ҳоким ва ёшлар учрашуви эркин мулоқот тарзида ўтди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти совриндори шаҳрисабзлик Мадинабону Саиджонова. – Учрашувда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, тадбиркорликка жалб этиш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув иштирокчилари Қарши шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат  уюштиришди.

 

Шавкат КАРОМОВ

 

СОЛИҚДАГИ ЎЗГАРИШЛАРГА БАFИШЛАНДИ