ЁШ ФЕРМЕРНИНГ ЮТУFИ НИМАДА?

ЁШ ФЕРМЕРНИНГ ЮТУFИ НИМАДА?

Dekabr 13, 2018 0 By admin
132

Бу саволга соҳанинг ташаббускор ёш вакилларидан бири Касби туманидаги «Акмал Оромов» фермер хўжалиги раҳбари Акмал Оромов фаолиятига назар ташлаб, жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

*  *  *

Атрофда қиш кезинади, тез-тез ёғингарчилик бўлсада, ҳали замин узра оппоқ қор кўрпаси тўшалмаган. Гўёки, баҳорий шукуҳни ҳис қиласиз. Хўжалик даласини айланаркансиз, зумрад гиламдек товланиб турган кузги буғдойлар қир-адирларни қоплаб турган ўт-ўланлару, бир  маромда ўтлаб юрган қўй-қўзилар кўзингизни қувнатади. Қизиқ, бу манзара кўпроқ, каминага – шовқинли шаҳардан борган мухбирдан кўра, ёш фермер – Акмалжонга янада илҳом, куч-ғайрат улашаётганга ўхшайди. Унинг юксак марралар сари интилиши, изланиши юз-кўзларида, ҳаяжон билан айтаётган сўзларида намоён.

– Киши ўз касбини севса, барака, унум ва омад унинг ортидан эргашиб келаркан,  – дейди Акмалжон. –  Фермерликни танлаб адашмадим, деб ўйлайман.  Мана, 5 йилдирки, ҳормай-толмай меҳнат қилиб, элга нафим тегиб келаяпти. Бугунги кун фермери асосий эътиборни етакчи тармоқларни жадал ривожлантиришга қаратиши керак. Буни инобатга олган ҳолда хўжалик аъзолари билан келишиб, қўшимча йўналишларни ҳам йўлга қўйишга эришдик. Минг шукрки, уринишларим зое кетмаяпти.  Хўжалигимиз ҳудудида овқатланиш, дам олиш хоналарининг барчаси замонавий жиҳозланган  400 кишилик янгича кўринишдаги дала шийпонини қуриб, қуёш батареясини ўрнатишга ҳам эришдик. Энди хўжаликда  электр таъминотида узилиш бўлмайди.

2013 йилда ташкил топган  фермер хўжалигининг ер майдони 82 гектарни ташкил этади. Хўжалик кўп тармоқли бўлиб, пахтачилик, ғаллачилик ҳамда чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, жамоа аъзолари ўтган йиллар мобайнида шартномавий режани ортиғи билан бажариб келмоқда. Хўжаликка қарашли яйловда 65 бош қўй боқилмоқда. Ўтган йили  хориждан 5 бош наслли қорамол келтирилиб, улар сони 10 тага етказилди. Изланувчан фермер боғдорчиликда  ҳам юқори натижаларни кўзлаб меҳнат қилмоқда. 0,6 гектарлик майдонда олмазори бор. Бугунги кунда оилалар фаровонлигида иссиқхона муҳим ўрин тутади. Янгиликларга ҳамоҳанг тарзда фаолият юритувчи фермер хўжалигида иссиқхона ташкил қилишни бошлаб юборди.

Ёш фермернинг соҳада кўрсатаётган жонбозлиги, ғайрати ҳар қандай кишини ҳайратлантиради. Акмалжон ўтган йили хўжалик ҳудудида балиқчилик тармоғини ҳам йўлга қўйиб, ихчамгина ҳовузда оқ амур, дўнгпешана балиқларини парваришлаб, аҳолига сифатли луқмаи ҳалол маҳсулотни етказиб бераётир.

– Еримизнинг қолгани яйлов, боғ, тутзор ва узумзор учун ажратилган, – дейди А. Оромов. – Аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаб турибмиз. Айни пайтда хўжалигимизда 35 нафар доимий, 100 нафардан ортиқ мавсумий ишчи меҳнат қилади. Ишчиларимиз орасида ҳамкасбларига алоҳида ўрнак кўрсатиб келаётган Шерзод Раҳимов, Жаҳонгир Тўхтаев, Шовқиддин Раҳимов ва Шаҳноза Авазмуродованинг хизматлари катта.

Меҳнат қилган элда азиз. Ёш фермер фаолияти давомида кўплаб кўрик-танловларда қатнашиб, ғолиб бўлиб келмоқда. «Ёш фермер – 2017» кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлган Акмал Оромов юртимизда Президент соврини учун анъанавий тарзда ўтказиладиган «Ташаббус» кўрик-танловининг жорий йилги туман босқичида 1-ўринни қўлга киритди.  Ташаббускор, тадбиркор фермер Акмал Оромовга бугун тенгқурлари ҳар қанча ҳавас қилса, арзийди. Эндигина 25 ёшни қаршилаган фермер бугунги кунда қишлоқ хўжалиги билимдони, соҳанинг барча тармоқларидан, хусусан, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликдан тўлиқ  хабардор бўлган мутахассис даражасига етди, десак муболаға бўлмайди.

*  *  *

Англаганингиздек, ҳар қандай ютуқ, муваффақият замирида тинимсиз меҳнат, изланиш, ўз устида ишлаш ва тажриба ётади.  «Акмал Оромов» фермер хўжалиги далаларидан қайтарканмиз, қалбимизда баҳорий умидлар, ҳосил баракаси, элнинг ёш фермерга қилган дуоси табассум қилгандай аксланди. Ёш фермерга бундан-да улкан марраларни забт этишига зафарлар тилаб қолдик.

Л. ЭЛМАТОВ