Сенат солиқ ва бюджет сиёсатига оид қонунни маъқуллади

Сенат солиқ ва бюджет сиёсатига оид қонунни маъқуллади

Dekabr 13, 2018 0 By admin
137

Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун 5 моддадан иборат бўлиб, Бюджет кодекси, Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига ўзгартиришлар киритилишини назарда тутади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2019 йил 1 январдан фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларининг бекор қилиниши муносабати билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Киритилаётган ўзгартиришларда фуқароларга пенсия ва бошқа ижтимоий нафақалар тўлаш учун иш ҳақи ва иш стажини ҳисоблашда ягона ижтимоий тўлов ҳисобланган барча меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари инобатга олиш таклиф этилмоқда.

Қонунда солиқ соҳасига жорий этилган янгиликлар натижасида Солиқ кодексининг 80 тадан ортиқ моддасига ҳамда 2019 йилги бюджет сиёсатининг асосий йўналишларига мувофиқ Бюджет кодексининг 71, 72, 122 ва 164-моддаларига киритилган ўзгартиришлар ўз аксини топмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, қонун 2019 йилги бюджет ва солиқ сиёсатининг прогноз кўрсаткичларининг ижросини таъминлашга, қонунчиликнинг алоҳида нормаларини аниқ қўлланилишига, бюджетлараро муносабатлар ва солиққа тортиш соҳаларидаги алоҳида масалаларини тартибга солишнинг зарур ҳуқуқий шароит яратади.