ТЕКШИРУВЛАРДА ЭКСПЕРТИЗАДАН ФОЙДАЛАНИШ

ТЕКШИРУВЛАРДА ЭКСПЕРТИЗАДАН ФОЙДАЛАНИШ

Dekabr 6, 2018 0 By admin
20

Зарур ҳолларда, солиқ текширувларини ўтказишда иштирок этиш учун эксперт жалб этилиши ва экспертиза тайинланиши мумкин. Бу ҳақида Солиқ кодексининг 97-моддасида батафсил маълумот келтирилган.

Юзага келган масалаларни тушунтириш учун фан, санъат, техника ва бошқа соҳалар бўйича махсус билим талаб этилган тақдирда экспертиза тайинланади. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор текширув ўтказаётган мансабдор шахснинг илтимосномаси асосида давлат солиқ хизмати органининг раҳбари томонидан қабул қилинади. Қарорда экспертизани тайинлаш учун асослар, экспертиза ўтказиши керак бўлган ташкилотнинг номи ёки экспертнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эксперт олдига қўйилган масалалар ва эксперт ихтиёрига бериладиган материаллар кўрсатилади.

Шахсни эксперт сифатида жалб этиш давлат солиқ хизмати органи ва эксперт ўртасида экспертиза ўтказиш тўғрисида шартнома тузиш асосида амалга оширилади.

Эксперт экспертиза предметига тааллуқли солиқ текшируви материаллари билан танишишга, ўзига қўшимча материаллар тақдим этилиши тўғрисида илтимосномалар беришга ҳақли. Эксперт, агар унга берилган материаллар етарли бўлмаса, хулоса беришни рад этиши мумкин.

Эксперт хулосани ўз номидан ёзма шаклда беради. Эксперт хулосасида унинг ўзи ўтказган текширишлар, шу текширишлар натижасида қилинган хулосалар ҳамда ўртага қўйилган масалаларга асослантирилган жавоблар баён этилади. Экспертнинг хулосаси ёки унинг хулоса бериш имконияти йўқлиги тўғрисидаги хабари текширилаётган шахсга тақдим этилади, мазкур шахс ўз тушунтиришларини бериш ва эътирозлар билдириш, шунингдек, экспертнинг олдига қўшимча масалалар қўйиш ва қўшимча ёки такрорий экспертиза тайинлашни сўраш ҳуқуқига эга.

Қўшимча экспертиза хулоса етарлича аниқ ёки тўлиқ бўлмаган тақдирда тайинланади ва ўша экспертнинг ўзига ёки бошқасига топширилади. Такрорий экспертиза экспертнинг хулосаси асосланмаган ёки унинг тўғрилигига шубҳа бўлган тақдирда тайинланади ва бошқа экспертга топширилади. Қўшимча ва такрорий экспертиза ушбу моддада назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда тайинланади.