Қашқадарё ВДСБ матбуот хизмати  хабар қилади

Қашқадарё ВДСБ матбуот хизмати хабар қилади

Noyabr 27, 2018 0 By admin
137

ХОНАДОНДА ҲУЖЖАТСИЗ ДЎКОН

Инсон тадбиркор бўлса, ҳалол йўл билан даромад топса, у рўзғорига ҳам барака олиб киради. Лекин, шаҳрисабзлик фуқаро  Қ.Н. ҳақида бундай деб бўлмайди.

У ўз хонадонида ҳеч қандай ҳужжатсиз тегирмон фаолиятини йўлга қўйган. Хуфёна бизнес фош бўлгач, хонадондаги 185 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Фуқаро Б.Г.нинг қилмиши эса ундан ҳам ўтиб тушди. У давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳужжатсиз алкоголЬ маҳсулотлари билан савдо-сотиқни амалга оширган. Бу ҳолат 1 млн. 62 минг сўмлик алкоголь маҳсулотларининг олиб қўйилишига сабаб бўлди.

ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ ЧИҚДИ

Деҳконобод туманидаги “Гумбулоқ деҳқон (озиқ-овқат) бозори” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган назорат тадбири чоғида фуқаро  М.Н. саросимага тушиб қолди. Чунки чинни буюмлар билан савдо қилиш учун бу фуқаронинг ҳеч қандай ҳужжати йўқ эди. Худди шу бозор ҳудудида фуқаро Б.Б. ҳам ҳужжатларсиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлар сотаётганлиги маълум бўлди.

Қинғир йўлни танлаганлар жазосини олиши тайин. Аммо юрт ободлиги, фаровонлиги тимсоли ҳисобланган бозорларда бу каби ноқонунуий ҳолатларнинг содир бўлиши ачинарли, албатта.

СЎНГГИ ПУШАЙМОН — ЎЗИНГГА ДУШМАН

Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида унинг фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйилди. Лекин, ҳар қандай фаолиятни тадбиркорлик, деб баҳоловчи фуқароларимизнинг борлигидан кўз юмолмаймиз.

Масалан, ғузорлик Т.Ш. тикувчилик цехи ташкил этган. Бу яхши, албатта. Аммо унда бу фаолият учун бирорта ҳам ҳужжатнинг йўқлигига нима дейсиз? Текширишлар давомида, “тадбиркор”дан 2 дона тикув машинаси далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, фуқаро П.А. ҳам ҳеч қандай ҳужжатсиз ва рухсатномасиз телефон анжомлари сотаётганлиги аниқланди. Ундан  47 дона телефон анжомлари вақтинча олиб қўйилди. Агар фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатдан ўтиб, қонуний фаолиятни амалга оширса, у давлатимизнинг ҳимоясида бўлишини унутмаслигимиз керак.

ЧОРГУМБАЗЛИК “УСТАМОН”

Ҳар бир инсон шахсий автомобилга эга бўлишни орзу қилади. Лекин, машинанинг ҳадеб бузилиши ҳайдовчининг кўнглини хира қилади. Бундай ҳолларда, албатта, мутахассислар жонимизга аро киради.

Қарши тумани “Боғобод” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Р.Т., Чоргумбаз қишлоғида яшовчи Х.Ж. ана шундай хайрли ишга бел боғлаган. У автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланади. Бироқ, ҳужжатсиз, рухсатсиз иш олиб борганлиги сабабли туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда унинг фаолиятига чек қўйилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтмоқчимиз. Ҳайдовчи машинани бошқариши учун гувоҳнома керак бўлгани каби, унга техник хизмат кўрсатувчига ҳам фаолият билан шуғулланиш учун ҳужжат зарур. Бунинг учун у тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши керак.

ЯККАБОҒДА ШУНДАЙЛАР БОР ЭКАН

Яккабоғлик М.Н. даромад топиш мақсадида ўзини савдо урди. Лекин, фаолиятини қонуний йўлга қўйиш масаласига “панжа ортидан қаради”. Натижада туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида унинг бу қилмиши аён бўлди. Тегишли ҳужжатларсиз, махсус лицензиясиз CD ҳамда DVD дисклари сотаётган сохта тадбиркордан далилий ашё сифатида 87 дона, жами 435 минг сўмлик дисклар олиб қўйилди.

Шунингдек, тумандаги Обод маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаро А.У. қандай рухсатномасиз цех очиб, дераза ромлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Аниқланган барча ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларга тегишли чоралар қўлланиши белгиланган.